14.02.2020 Comments off

Россия Халқлар дўстлиги университетининг ваколатхонаси Марказий Осиё давлатлари ичида биринчи бўлиб Ўзбекистонда очилади

Жорий йилнинг 7-8 февраль кунлари Россия Халқлар дўстлиги университети таклифига биноан, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги мутасаддилари мазкур олий ўқув юртининг 60 йиллиги муносабати билан ташкил этилган тадбирда иштирок этди.

Таъкидлаш жоизки, мазкур олий таълим муассасаси 1960 йилда ташкил этилган бўлиб, Россиянинг кўпмиллатли ва кўп тармоқли университети ҳисобланади. Айни пайтда университетда дунёнинг 150 дан зиёд мамлакатларидан талабалар таҳсил олмоқда.

Университет раҳбарияти билан ўтказилган учрашувда 2017 йил 5 апрелда Москва шаҳрида имзоланган “Россия Федерацияси ҳудудида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ташкилий асосда қабул қилиш ва жалб этиш тўғрисида”ги икки давлат ҳукуматлари ўртасидаги битим ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳамда икки Россияда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг ҳозирги ҳолати муҳокама қилинди.

Россияга ишлаш учун борадиган Ўзбекистон фуқароларини мазкур ҳудудда мослашиши учун қулай шароит яратиш мақсадида ва ҳукуматлараро битим Ишчи гуруҳининг тавсиясига биноан, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва Россия Халқлар дўстлиги университети ўртасида ҳамкорлик тўғрисида келишув имзоланди.

Мазкур келишув Россия Федерацияси ҳудудида фуқароларимизнинг ижтимоий-маданий мослашуви учун шароитлар яратиш, меҳнат мигрантлари учун турли қўшма тадбирларни ташкил этиш ва лойиҳаларни амалга ошириш, статистик маълумотлар алмашиш, гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш, Россия Федерациясидаги тегишли вазирлик ва идоралар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш имконини беради.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, учрашув давомида Марказий Осиё давлатлари ичида биринчи бўлиб Россия Халқлар дўстлиги университетининг Ўзбекистондаги ваколатхонасини очиш юзасидан келишувга эришилди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Мономарказда Россия Халқлар дўстлиги университети кўмагида мамлакатимиздаги рус тили ўқитувчиларини қайта тайёрлаш, Россия давлатига ишлаш учун кетаётган фуқароларга рус тили, Россия тарихи ва қонунчилигини ўргатиш ва патент олиш учун талаб этиладиган тегишли сертификатни Ўзбекистонда бериш каби хизматлар кўрсатилмоқда.

Categories: Без рубрики

Рекомендуем