Ўзбекистон делегацияси Россия Федерацияси Марказий сайлов комиссияси, Ташқи ва Ички ишлар вазирликлари раҳбарияти билан музокаралар ўтказди

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг маслаҳатчиси М. Хайриддинов бошчилигидаги делегация айни кунларда Россия Федерациясида бўлиб турибди.

Ташриф доирасида Москвада Ўзбекистон делегацияси ва Россия Федерацияси Марказий сайлов комиссияси раҳбарияти ўртасида музокаралар бўлиб ўтди.

Учрашувда Россия Федерациясида вақтинчалик меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқаролари ўртасида 2021 йил октябрь ойида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга кўмаклашиш масалалари муҳокама қилинди.

Музокаралар чоғида Россиядаги фуқароларимизнинг конституциявий ҳуқуқларидан фойдаланиши учун шароит яратиш мақсадида Москвадаги Ўзбекистон элчихонаси ва Санкт-Петербург, Қозон, Ростов-Дон шаҳарларидаги Бош консулликларда, Екатеринбург, Новосибирск ва Владивостокда 12 та сайлов участкаларини тузиш, шунингдек, Ўзбекистон фуқаролари кўп яшайдиган ва ишлайдиган ҳудудларда 79 та муддатидан олдин овоз бериш пунктларини ташкил этиш режалаштирилгани алоҳида таъкидланди.

Учрашув якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга кўмаклашиш, жой ва бинолар билан таъминлаш, сайловчиларга шароитлар яратиш бўйича келишувга эришилди.

Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси Россия Федерацияси Ташқи ишлар ва Ички ишлар вазирликлари вакиллари билан учрашув ўтказди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга кўмаклашиш, 2020 йил 18 апрелда Россия Федерацияси Президентининг “Янги коронавирус (COVID-19) инфекциясининг тарқалиши хавфи туфайли чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Россия Федерациясида ҳуқуқий мақомини белгилаш бўйича вақтинчалик чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони асосида Ўзбекистон фуқаролари мақомини қонунийлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар натижалари муҳокама қилинди.

АввалгиЯнгилик
КейингиЯнгилик